Суҳбат... Пайғамбаримизнинг болалиги (4)
Улардан бири астагина қорнимни силади ва кўксимни киндигимгача ёрди. Қараб ётдим, лекин оғриқ сезмадим. Қўлини кўксимга сўқиб, юрагимни чиқарди. Ичидан қора доғни олиб ташлаб: “Бу - шайтон таъсир қиладиган доғдир. Аллоҳу таолонинг амри била сени ундан покладик” деди. Кейин юрагимни ўрнига солди. Учинчи киши қўлини яқинлаштирди ва кўксим ёпилди.
Бу воқеа қўшниларимизга ғалати туюлганди. Менга “Болани фолбинга олиб бор! Балки жинлар теккандир” дейишди. Уни фолбинга олиб бордим. Фолбин ўрнидан ирғиб туриб: “Эй Араблар! Бу бола янги дин олиб келади, уни ўлдиринглар!” деб бор овози билан бақира бошлади. Муҳаммадни қўлидан тортиб олдим. “Тентак. Аслида сени даволаш керак!” дедим.
Бу ҳодисалар мени хавотирга солди. Омонатни эгасига соғ-саломат топшира олмасликдан қўрқиб, тезда йўлга чиқдик. Макка маҳаллаларига киргач, Муҳаммадни бир кишиларга омонат қилиб, хожатхона изладим. Қулоғимга қўрқинчли овозлар келгач орқамга қайтиб, уни ўрнидан тополмадим. Йиғлаб фарёд қилдим, ҳар ёнга югуриб, ҳаммадан сўраб чиқдим. Бир чол: “Мен билан юр!” деди, бордим. Ҳубал санамидан (бут) ёрдам сўради. Кейин мендан ўғлингни исми ким?-деб сўради. “Муҳаммад!” деганимда санамлар ерга йиқилди. Начора Абдулмутталибнинг ёнига бориб, борини айтдим. Одамларини, яқин қариндошларини ҳар тарафга йўллади, аммо топа олмади. Каъбаи шарифга келиб 7 марта тавоф қилди ва қўлларини очиб Аллоҳга ёлворди: “Муҳаммад Тиҳома водийсидаги дарахтнинг тагида” деган бир нидо келди. Водийга қараб югурдик, уни бир дарахтнинг тагида ўйнаб ўтирган еридан топдик.
давоми эртага