Манқиба... Дарвеш ва тиланчи
Бир дарвеш дарё бўйида таҳорат олаётиб, сув остида ётган жуда қимматбаҳо тошни кўриб қолади. Тошни олиб халтасига солади ва йўлида давом этади.
Оқшом яқинлашганда бир жойда дам олиш учун ўтиради ва Аллоҳ берган ризқини халтасидан чиқариб емоқчи бўлиб турганида яқинидан ўтиб бораётган бир тиланчини кўриб қолади ва уни ҳам фақирона дастурхонига таклиф этади.
Бир оз ўтиришгач тиланчининг кўзи халтадаги қимматбаҳо тошга тушади ва дарвешга:
- Аллоҳ розилиги учун, шу тошни менга берасизми? — дейди.
Дарвеш тошни чиқариб тиланчига беради.
Тиланчи кетади, аммо эрталаб қайтиб келиб дарвешдан:
- Бу тошнинг баҳоси қанчалик қиммат эканлигини билармидингиз? - деб сўрайди.
Дарвеш:
- Ҳа, билар эдим, дейди. Тиланчи такрор сўрайди:
- Яъни сотсангиз ҳаётингизнинг охиригача, бир умр бой бадавлат бўлиб яшашингизни билармидингиз?
Дарвеш яна «ҳа билардим» жавобини беради. Тиланчи ҳайратланиб:
- Билар экансиз нега менга бериб юбордингиз? - дейди. Дарвеш:
- «Аллоҳ розилиги учун» деб сўрадинг-ку, дейди. Кейин тиланчи:
- Бу тошни ўзингизга қайтариш учун олиб келдим. Бу тошнинг ўрнига бундан ҳам қимматроқ бўлган нарсани беринг, дейди.
Дарвеш ҳайрон бўлиб сўрайди:
- Бунинг ўрнига нимани истайсан? Тиланчи шундай дейди:
- Бу ҳолингизга қандай эришдингиз? Менга шуни ўргатинг!..
Ҳамма нарсанинг энг яхшисини, энг хайрлисини Азиз ва Жалил бўлган Аллоҳ билади.